Шавкат Мирзиёев: ЖСТга аъзо бўлиш – Ўзбекистон олдидаги энг устувор мақсадлардан бири

Шавкат Мирзиёев: ЖСТга аъзо бўлиш – Ўзбекистон олдидаги энг устувор мақсадлардан бири

Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш – Ўзбекистон учун энг зарур ва устувор мақсадлардан бири саналади, деб маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев «Nikkei Asian Review» нашрига берган интервьюсида.

Давлат раҳбари 2017 йилдан Ўзбекистонда комплекс ислоҳотлар бошлангани, 2019 йилга келиб хорижий инвестициялар ҳажми бир йил олдингидан 3 баробарга ортиб, 7 млрд долларни ташкил этиши кутилаётганини қайд этиб ўтган.

Интервью Шавкат Мирзиёевнинг 17-20 декабрь кунлари Японияга амалга оширган давлат ташрифидан олдин олинган бўлиб, унда Ўзбекистон президенти Япония билан ҳамкорликда 6 млрд доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётганини айтиб ўтган. Булар орасида, жумладан, Навоий вилоятидаги янги ИЭС қурилиши лойиҳаси ҳам бор.

Бундан ташқари, Мирзиёев Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари қишлоқ хўжалиги, нефть-газ, нефть-кимё ва туризм соҳаларида ҳам ривожланиб бораётганига эътибор қаратиб, мамлакатлар ўртасидаги узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагида эканини билдирган.

Nikkei'нинг ёзишича, президент мамлакатда коррупцияга қарши кураш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам таъкидлаган. Шунингдек, давлат раҳбари 22 декабрдаги сайловлар Ўзбекистоннинг тараққий этган демократик мамлакатлар сирасига кириш йўлидаги дастлабки қадами бўлишини қайд этган.

Ташқи сиёсат борасида эса Шавкат Мирзиёев айниқса Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалар ривожига урғу бериб, Россия, АҚШ, Хитой ва бошқа давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга чиқариш ниятини билдирган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар