Февраль ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автомобиль бозорида талаб қандай ўзгарди

Февраль ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автомобиль бозорида талаб қандай ўзгарди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан кўчмас мулк ва автомобиль бозорларида талаб ўзгариши доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда. Жорий йил февраль ойида ушбу бозорларда талабнинг ошиши Ўзбекистонда иқтисодий фаолликнинг тикланганидан далолат бермоқда.

Кўчмас мулк бозори

Коронавирус пандемияси даврида карантин чекловларининг ўрнатилиши натижасида иқтисодий фаоллик бирданига тушиб кетган эди. Хусусан, апрель ойидаги локдаун кўчмас мулк олди-сотдисининг 2019 йил мос даврига нисбатан 87,1 фоизга (Тошкент шаҳрида 94,2 фоизга ва Тошкент вилоятида 89,8 фоизга) камайишига олиб келганди.

Жорий йил февраль ойида мамлакатимизда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони январь ойи билан таққослаганда 11,5 фоизга (2020 йил февраль ойига нисбатан 19,7 фоизга) кўпайди. Кўчмас мулк бозорининг 30 фоиздан кўпроғига эгалик қилувчи Тошкент шаҳрида ушбу кўрсаткич 10,8 фоизни (2020 йил февраль ойига нисбатан 23,7 фоизни) ташкил қилди.

1-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши индекси

Автомобиль бозори

Одатда, республика бўйича бирламчи ва иккиламчи бозорларда автомобиль савдосининг ойлик ўсиши ўртача 2-3 фоизни ташкил этади. 2020 йилнинг март ойи ўрталаридан қатъий карантин тадбирларини жорий этилиши натижасида март ойида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 фоизга (ўтган февраль ойига нисбатан 34,6 фоизга), апрель ойида эса 73,8 фоизга (63,1 фоизга) камайган эди (2-расм).

2-расм. Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши индекси

Май ойидан бошлаб автомобиль бозоридаги вазият яна тиклана бошлади. Хусусан, июнь ойида автомобиллар савдоси 2019 йил мос даври билан таққослаганда 14,8 фоизга (ўтган ойга нисбатан 15,7 фоизга) кўпайди. Август ойида ушбу кўрсаткич 3,8 фоизни (ўтган ойга нисбатан 54,3 фоизни) ташкил этди.

Автомобиль бозорида талаб сентябрь-октябрь ойларида ҳам ўсишда давом этди. Савдо ҳажми 2019 йил мос даври билан таққослаганда сентябрь ойида 29,5 фоизга, октябрь ойида 19,2 фоизга, ноябрь ойида 9 фоизга ва декабрь ойида 10 фоизга ўсди.

Жорий йил ферваль ойида автомобиль бозорида аҳоли талаби январь ойига нисбатан 3 фоизга ошди. Лекин, 2020 йил февраль ойи билан таққослаганда ушбу кўрсаткич 10,4 фоизга камайди. Бу асосан Асака автомобиль заводида 2021 йил январь-февраль ойларида барча зарурий модернизация ишларини амалга ошириш учун ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатилганлиги билан изоҳланади.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Андижон (37 фоиз), Бухоро (18,4 фоиз) ва Қашқадарё (18 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Халилуллоҳ Ҳамидов Марказ бош илмий ходими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар