Пандемия даврида Россия Федерациясида бўлиб турган юртдошларимизни мамлакатимизга олиб келиш мақсадида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раҳбарияти россиялик ҳамкасблари билан музокаралар олиб бориб, “Тошкент – Москва – Тошкент” йўналишида махсус поездлар қатновини йўлга қўйишга келишиб олди.
Транспорт вазирлиги маълум қилишича, жорий йил 14, 21, 28 декабрь кунлари “Москва — Тошкент” йўналишида дастлабки поездлар қатнови амалга оширилади. Мазкур поездлар Москвадан соат 22:28 да жўнайди.
Йўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида чипталарнинг электрон сотуви йўлга қўйилди. Москвада бўлиб турган фуқароларимизнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси билан «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг е-ticket.railway.uz веб-сайти орқали чипталарни электрон тарзда харид қилиши ҳам мумкин.
«Шунингдек, қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан олиш мумкин», дейилади Транспорт вазирлиги хабарида.
Изоҳ қолдириш